Қонунларни изчил ва оғишмай ижро этиш, қонун устуворлигини таъминлаш Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим шартлари ва асосларидан биридир. Қабул қилинган қонунларнинг ўз вақтида ва лозим даражада амалга оширилишини таъминлаш бугунги кунда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд тармоқлари органлари олдида турган энг муҳим вазифалар сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2006 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2007 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисдаги маърузасида таъкидланганидек, “Бу борада яна қандай қонуний нормалар ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши зарурлигини, амалдаги қонун ҳужжатлари бугун нима учун ишламаётганини аниқлаш ғоят муҳим аҳамият касб этади”. Олий Мажлиснинг қонунчилик ва назорат вазифалари бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, парламент назоратининг асосий мақсади ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари билан уйғун ҳамкорлик орқали жойлардаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганиш асосида барча минтақаларда қонунларнинг ижро этилишини амалий жиҳатдан яхшилашдан иборат. Назорат вазифаларининг муҳим шаклларидан бири эса парламент сўровидир.
Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинар-тренинг “Парламент сўрови парламент назоратининг самарали шаклларидан биридир” деган мавзуга бағишланди.
Анжуманда шу нарса таъкидлаб ўтилдики, халқ томонидан сайланган сенаторлар ва депутатлар амалдаги қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, ҳукумат қарорлари ўз вақтида ҳамда талаб даражасида ижро этилиши учун масъулдирлар. Парламент назоратидан кўзланган асосий мақсад ҳам энг аввало қонунлар ижро этилиши самарадорлигини ошириш ҳамда умумхалқ манфаатлари янада пухтароқ ҳимоя қилинишига эришишдир. Парламент сўрови юбориш билан боғлиқ назорат ваколатларини амалга оширишнинг асослари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунида, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонунларда мужассам топган.
Семинар-тренинг иштирокчилари парламент сўровининг ўзига хос хусусиятлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарларини баён этиш талаби билан тезкор мурожаат қилишда ифодаланишини таъкидладилар. Сенатнинг парламент сўрови мамлакат фуқароларининг соғлиғи ва ҳуқуқларига дахлдор, Ўзбекистон Республикаси минтақаларининг манфаатларига тааллуқли ёки стратегик йўналишдаги умумдавлат аҳамиятига молик муаммолар бўйича амалга ошириб келинмоқда. Бундан ташқари Сенатнинг ҳар бир аъзоси ўзининг вакиллик вазифасини ҳам фаол тарзда адо эта бориб, парламент сўровини, бинобарин назорат вазифасини амалга оширишнинг асосларини ярата ва кенгайтира боради. Айни ана шу жиҳатлар парламент назоратининг бу шаклига жўшқинлик ва мослашувчанлик бахш этади ҳамда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ҳокимият бошқа тармоқлари билан ўзаро ҳамкорлигида уни самарали юридик воситага айлантиради.
Семинар-тренинг мобайнида парламент сўрови юбориш борасида чет эл парламентаризми тажрибаси ҳам тилга олинди.
Минтақавий муаммоларни ҳал этишда сенаторлар томонидан парламент сўровини қўлланиш амалиётини хусусан Ўзбекистоннинг маҳаллий вакиллик органларида кенгайтиришга алоҳида эътибор қилинди.
Тадбирда кенг кўламда фикр алмашинилди ҳамда парламентнинг амалдаги қонунлар ҳамда ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида ва талаб даражасида бажарилишини таъминлашга йўналтирилган назорат ваколатларини амалга оширишнинг шакллари ва усулларини янада такомиллаштиришга қаратилган турли нуқтаи назарлар изҳор этилди.
Семинар-тренингда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, ҳуқуқшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
|