Senat yangiliklari
<< Bosh cahifa|
2007 yil 27 aprel
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY MAJLISI SENATIDA

Мамлакатимизда 2007 йил “Ижтимоий ҳимоя йили” деб эълон қилинганлиги ҳамда 2007 йил 23 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ–573-сонли Қарори қабул қилинганлиги ижтимоий дастурларни амалга оширишда давлат органлари, турли муассаса ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик ва фуқароларга қўшимча омил бахш этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тегишли тадбирлар режаси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2007 йил 27 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурида ҳамда Сенатнинг тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши тўғрисида Сенат қўмиталари раисларининг ҳисоботлари тингланди. Мажлисни Сенат Раиси И.Собиров олиб борди.
“Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Сенатнинг ҳудудий вакиллик органи эканлигини инобатга олиб, қўмиталар ўз фаолиятларида кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг, ёлғиз кексалар, етим-есир ва ногиронлар, пенсионер ва талабаларнинг манфаатларини ҳимоя этишга алоҳида эътибор бермоқда. “Меҳрибонлик” уйлари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ёшларнинг касб маҳорати ва маънавий камолотини моддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини тўғри ташкил қилиш ва спорт билан шуғулланишини кенг йўлга қўйиш, шунингдек ижтимоий ҳимоя тадбирлари манзилли ва аниқ йўналтирилган бўлишини таъминлаш ҳам аҳамият нуқтаи назаридан муҳим вазифалар ҳисобланади.
“Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури ҳамда Сенатнинг тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек ўтказилаётган тадбирларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мақсадида Сенат қўмиталарининг аъзолари жойларда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг депутатлари, шаҳарча, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, раис маслаҳатчилари ва фаоллар билан, фермер хўжаликларининг раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқдалар.
Жорий йилнинг биринчи чорагида қўмиталарнинг аъзолари томонидан фуқароларни қабул қилиш, ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан уларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатларини ўрганишга алоҳида эътибор берилди. Фуқароларнинг 400 дан ортиқ мурожаатларида кўтарилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Қўмиталарда фуқаролардан тушган аризаларни жойларга чиқиб ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди.
“Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурини амалга ошириш юзасидан қўмиталарнинг иш режаларига мувофиқ, жумладан, 2007 йил 24 мартда “Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг аҳволи, муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари” мавзусида Сенатда давра суҳбати ўтказилиб, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди. “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилояти мисолида ўрганилди.
Шу йилнинг бошларида халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши билан биргаликда Ўрта Чирчиқ туманида “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва доимий комиссияларининг “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурини амалга ошириш борасидаги асосий вазифалари” мавзусида семинар ўтказилди. Семинарда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари томонидан фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Тадбир якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилди.
Самарқанд шаҳрида 26 апрель куни “Ногирон ва етим болаларни жисмоний тарбиялаш ҳамда соғломлаштириш соҳасида халқаро ҳамкорлик” мавзусида конференция ўтказилди. Конференцияда вазирлик ва идораларнинг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари ҳам иштирок этдилар. Бундан ташқари шаҳардаги 62-сонли ногирон болалар мактабига, шунингдек “СОС-Киндерсдорф” болалар уйига ҳомийлар маблағи ҳисобидан олинган ўқув ва спорт ашёлари топширилди.
Кенгаш мажлисида Сенат қўмиталари аъзолари томонидан “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури доирасидаги тадбирларни амалга ошириш юзасидан муайян ишлар қилинганлиги таъкидлаб ўтилди. Қўмита аъзоларининг айни шу йўналишдаги имкониятларидан янада самаралироқ фойдаланиш, фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларнинг оғишмай ижро этилишини назорат қилиш масалаларига алоҳида эътибор берилди. Мажлисда муҳокама якунлари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

O`zbekiston Respublikasi
Oliy Majlisi Senatining
Matbuot xizmati
©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Abror